2011 йил 15 февраль куни Ўзбекистон Миллий университетининг мажлислар залида журналистика факультети ўқитувчилари томонидан тайёрланган ўқув-услубий ва ўқув қўлланмаларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

oblojka-lotin.jpg«Интернет: тарихи, тузилиши, техник хавфсизлик» ўқув-қўлланмаси 4 боб ва 9 та параграфдан иборат бўлиб, унда Интернет тизимининг яратилиш тарихи ва бунга сабаб бўлган омиллар, Интернетнинг асосчилари, Интернетга уланиш технологияси, тармоқнинг фаолиятини таъминловчи дастурлар, Интернетда хавфсизлик масалалари атрофлича келтирилиб ўтилади. Мазкур мавзуларни кенгроқ очиб бериш учун энциклопедик ва тарихий манбалардан маълумотлар келтирилган, умумий назорат саволлари ҳамда реферат ва мустақил иш мавзулари,  янги атамалар рўйхати (глоссарий) берилган.

Ўқув-услубий қўлланма мактаб, академик лицей, касб-хунар коллеж ўқувчилари, журналистика факультети талабалари, магистрлари, амалиётчи журналистлар, мутахассислар, тадқиқотчилар ва ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) сохасига қизиқувчи кенг омма учун  мўлжалланган.

Иккинчи, «Интернет ва ахборот: хизматлар, фойдаланиш асослари» деб номланган қўлланма ахборот технологиялари ва Интернетнинг янги коммуникацион ва маърифий имкониятларини кенгроқ очиб беришга қаратилган. Унда замонавий оммавий ахборот воситаларининг ривожланиш йўналишлари ва жараёнлари, Интернетнинг оммавий коммуникация воситаси сифатидаги имкониятлари, амалий фаолиятда Интернетдан фойдаланишда зарур бўлган: э-почта, форум, электрон кутубхона ва электрон китоблар, қидирув ҳизматлари ва фойдаланувчилар учун қулай бўлган бошқа веб-хизматлар ҳамда ОАВнинг тўртинчи тури сифатида шаклланаётган веб-журналистика мавзулари кенг ёритилган.  Китоб 13 параграфдан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири қизиқарли маълумот ва кўргазмали материал билан бойитилган.

Параграфларда Интернетда ишлашнинг ҳуқуқий асослари, ОАВ веб-сайтларининг таснифланиши, Интернетда коммуникация жараёни,  RSS янгиликлар лентасининг ишлаш тамойиллари, Интернет-сленгининг ҳусусиятлари, жахон молиявий инқирозининг глобал тармоққа ўтказган таъсири, Интернетни келажакда нима кутади каби масалалар очиб берилган. Қўлланманинг хулоса қисмида эса умумий назорат саволлари, мустақил иш ва реферат мавзулари, глоссарий ҳамда иловалар берилган.

Қўлланма журналистика факультети талабалари, магистрлари, амалиётчи журналистлар, веб-журналистика ва АКТ мутаҳассислари, тадқиқочилар ва кенг омма учун мўлжаланган.

«Интернет: 100 саволга 100 жавоб» китоби 4 бўлимдан иборат бўлиб, унда ахборот-коммуникацион технологиялар, тармоққа уланиш, Интернетда хавфсизлик ва ахборот уруши масалаларига оид барча саволларга жавоблар мужассам. Ушбу нашрда «Интернет журналистика», «Журналистикада компьютерлаштириш ва веб дизайн асослари», «Глобаллашув жараёнида журналист ижоди», «Ахборот технологиялари»  фанлар ва махсус курслар бўйича методик кўрсатмалар беради.

Мазкур нашр “Интернет журналистика ва информацион технологиялар” кафедраси ўқитувчилари томонидан тайёрланган бўлиб, мактаб, академик лицей, касб хунар коллеж ўқувчилари, журналистика факультети талабалари, магистрантлари, амалиётчи журналистлар, соха мутахассислари ва тадқиқотчилар учун мўлжалланган.

«Ахборот хизмати: ишлаш усуллари ва тамойиллари» ўқув қўлланмасида ташкилотларда ахборот хизматини ташкил этишнинг назарий ҳамда ҳуқуқий асослари, мақсад ва вазифалари, ОАВ билан ҳамкорлик масалалари ёритилган. Қўлланмадан журналистика факультети талабалари, тадқиқотчилар, ташкилотларнинг ахборот хизмати ходимлари ва журналистлар фойдаланишлари мумкин.

Тақдим этилган қўлланмаларнинг ҳар бири оддий ва равон услубда ёзилган бўлиб, танланган мавзу бўйича фундаментал билимлар ва услубий тавсиялар беради.